Тест режимида

Чуқур билим, кенг дунёқарашга эга ёшлар - мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи кучдир

30.01.2020

29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожонов соҳада хизмат олиб бораётган ёш ходимлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Алишер Саъдуллаев, вазир маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, вазирлик марказий аппарати, департамент, бош бошқарма, бошқарма, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБ раҳбарлари, туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ёшлар масалалари ҳамда тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари, ёш ходимлар иштирок этди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш, улар орасидан билимли, ҳалол ва жонкуяр ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш жуда муҳим вазифа сифатида эътироф этилмоқда. Мисол учун, ўтган йили 168 нафар бўлим бошлиғи, 13 нафар бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларига ёш ходимлар тайинланди.

Бугунги кунда фаол, истеъдодли ва изланувчан ёшларнинг 14 нафари туман ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари лавозимларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, яна 425 нафар ташаббускор ёшлар раҳбарлик лавозимлари кадрлар захирасига олинди.

Ўз навбатида, тизимдаги 80 нафар Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчиларининг деярли ҳар учинчиси бир поғона юқори лавозимларга тайинланди. Шу билан бирга, ўтган йили 5 192 нафар ёш ходимлар давлат, вазирлик, маҳаллий идоралар ва бошқа даражадаги мукофотлар билан рағбатлантирилди.

Жами республика бўйича “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган 56 нафар ёшларнинг 4 нафари ички ишлар органи ходимларини ташкил этган.

Мунтазам равишда фаол ёш ходимларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил этилиб, юқори натижаларга эришган фарзандининг хизмати учун миннатдорлик билдирилиши анъанага айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлиши кераклиги тўғрисидаги топшириқларини инобатга олиб, вазирликдаги Етакчилар кенгаши фаолиятини тубдан такомиллаштириш чораларини белгилаб олиш зарурдир.

Тадбирда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳар бир шаҳар-туманда ёш ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларини ташкил этишни таклиф этди.

Шунингдек, вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ҳисобланган яъни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБларида кадрлар хизмати таркибида бир нафардан ёш ходимлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимини жорий этишни таъкидлаб ўтди.

Тизимдаги бошланғич ташкилотлар фақатгина ёш ички ишлар органлари ходимлари билан эмас, балки бошқа ёш фуқароларимизни ҳам ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда қонунга итоаткорлик тамойилини шакллантириш ишларида фаол иштирок этиши лозим. Шунингдек қуйидагилар келгусидаги вазифалар сифатида белгилаб олинди:

– ташаббусни тўлиқ қўлга олиб, ҳар йили январда “Ватанпарварлик ойлиги”ни ўтказиш;

– июнь ойида “Ёшлар ойлиги” шиори остида турли тағибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этиш;

– вазирлик Етакчилар кенгашининг логотипи, кўкрак белгисини ишлаб чиқиш.

“Муҳим 5 ташаббус” доирасида қилинаётган ишларни жадаллаштириш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари ёш ходимларидан иборат алоҳида “Қонун посбонлари” тарғибот гуруҳини ташкил этиш режалаштирилди.

Ёш ходимларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ва шу орқали уларнинг янгича онг, янгича тафаккур билан хизмат қилишларини ташкил этиш жуда муҳим экани таъкидлаб ўтилди. Шунинг учун ички ишлар органларида ташкил этилган 54 та кутубхоналарнинг адабиётлар фондини бойитиш мақсадида, уларнинг ҳар бирига мингтагача китоб ажратиш тўғрисида таклиф берилди.

Тадбир сўнгида жами 48 нафар ёш ходимларнинг ота-оналарига миннатдорлик эълон қилиниб, 33 нафар ходим рағбатлантирилди.

ИИВ Ахборот хизмати