Тест режимида

Электр, иссиқлик энергияси, газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича жавобгарлик

23.11.2020

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан

100-модда. Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш

Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, яъни электр двигателларидан, электр печлари ва бошқа электр ҳамда иссиқлик ускуналаридан мунтазам равишда, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда тўлиқ фойдаланмаслик ёки уларни бекорга ишлатиб қўйиш, зичланган ҳаво, сув ва иссиқликнинг мунтазам равишда нобуд бўлиши, энергия билан таъминловчи ташкилотларнинг рухсатисиз хизмат бинолари ва бошқа биноларни иситиш учун, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнида назарда тутилмаган бошқа мақсадлар учун электр энергиясидан фойдаланиш, ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

         мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

101-модда. Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш, —

          фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.