Тест режимида

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Раззақович Бобожоновнинг "21 март – Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан" байрам табриги

22.03.2021

Наврўз инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларни намоён этиб, минг йиллар мобайнида нишонланиб келаётган Шарқ халқларининг баҳор байрамидир.

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган Сиз, азму шижоатли ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, азиз фахрийларимизни ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини 21 март – Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан самимий табриклайман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Наврўз тинчликни, сиҳат-саломатликни қадрлаб, асраб-авайлаб яшашга даъват этади. Тинчлик ва соғлиқни асрасак, қолган нарсаларга албатта эришамиз”, дея алоҳида таъкидлаганлар.

Қадимий ва навқирон наврўзи оламни юртимизда янгиланиш, тинчлик ва дўстлик байрами сифатида кенг нишонлаш эзгу анъанага айланган.

У ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан инсоният ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март – бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонланаётганлигининг ўзиёқ мазкур Шарқ Янги йили нақадар улкан қадрият эканлигини англатади.

Азиз ички ишлар органлари ходимлари! Сизларнинг ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, ободлиги ва барқарорлиги ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан муваффақиятлар ҳамроҳ бўлсин.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, дастурхонингизга қут-барака тилайман.

Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга қувонч олиб келсин.

 

Вазир
генерал-лейтенант                                            П.Р. Бобожонов