Тест режимида

ЙПХ ходими ҳужжатларни текширишда аниқланган барча ҳуқуқбузарлик бўйича чора кўради

13.04.2022

Ҳукумат қарори (173-сон, 12.04.2022 й.) билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда ЙПХ ходими транспортни ҳужжатларни текшириш учун тўхтатганда, текшириш жараёнида аниқланган барча ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўради.

Илгари фақат ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича чора кўрилган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокацияси кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида танишиши мумкинлигига оид норма чиқариб ташланди.

Бунда дислокация билан танишиш учун саф бўлимига мурожаат этиш орқали ёзма маълумот олишни талаб қилиш мумкин.

Шунингдек, низомга ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби киритилди.

Мастлик ҳолати алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида аниқланиши мумкин. Текширув камида 2 та холис иштирокида амалга оширилади (кузатув камерасидан (body camera) фойдаланилган ҳоллар мустасно).

Текширувда этанол буғ 0,135 миллиграмм ва ундан кўп бўлганида ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилади.

Транспортларнинг туси ўзгартирилган (тонировка) ойналари меъёрларига жавоб беришига аниқлик киритиш учун тауметр мосламасидан фойдаланилади.